Ру O`z En

“FARG’ONAAZOT”АЖДА 2018-2020 ЙИЛЛАР УЧУН ТУЗИЛГАН ЖАМОА ШАРТНОМАСИНИНГ 2020 ЙИЛДА БАЖАРИЛИШ ЯКУНЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН КОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ

               Корхонада ўтказилган конференцияда 2020 йилда жамоа шартномаси шартларининг бажарилиши ҳамда 2021-2023 йилларга мўлжалланган жамоа шартнома лойиҳаси муҳокама қилинди. Конференция давомида  «Farg’onaazot» АЖ раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси ҳисоботлари эшитилиб, 2020 йил давомида  иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимларга муносиб меҳнат шароитларни яратиш, ойлик маошларини тўлаш, соғломлаштириш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, ёшлар ва аёллар учун шароитларни яратиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама этилди. “Farg’onaazot” АЖ бошқарув раиси Абдупатто Салижанов конференция қатнашчиларига корхонада амалга оширилган ишлар ҳусусида маълумот берар экан, қуйдагиларга тўхталиб ўтди.

       Корхонада 2020 йилдаги молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, умумий ҳисобда йил якунида 1 трлн. 548 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чикарилиб амалдаги режа 100,4 фоизга бажарилишига эришилди. 2020 йилда 319,6 минг тонна минерал ўғитлар ишлаб чиқарилди. Шундан азотли ўғитлар 314,2 минг тонна, фосфор ўғитлар 5,4 минг тоннани ташкил этди. Ўтган йилда жами 31 млн. доллар миқдорида экспорт амалга оширилди. Натижада, белгиланган режа 66,3 фоизга бажарилди. Корхона тамонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Афғонистон, Жанубий Корея, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

2020 йил якунлари бўйича 6 турдаги 33 млрд. 799,9  млн. сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб режа 139,0 фоизга бажарилди. Корхонада ҳозирги кунда 6 680 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқдалар. 2020 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн 674 минг 951 сўмни ташкил этди. Ўтган даврга нисбатан ўсиш суръати 146,8 фоизни ташкил этди. 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирларга асосан маъмурият ва касаба уюшмаси ўртасида ходимларга меҳнат шароитларини яҳшилаш бўйича умумий қиймати 250,4 млн. сўмлик 13 та чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўтган йилда 819,2 млн. сўм миқдорида 4 193 нафар ишчи ва хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш амалга оширилди. 

Ўтган йили корхонамиз ишчи-хизматчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спорт мусобақаларида иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида 82 млн. сўмлик спорт анжомлари ҳарид қилинди. Натижада, футбол бўйича Республика миқиёсида ўтказилган
“Бош вазир кубоги”да жамият футбол жамоаси фаҳрли учинчи ўринни,
Чим устида хоккей спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионатида  жамоамиз фаҳрли иккинчи ўринни эгаллади.

Корхона ва касаба уюшма қўмитаси томонидан моддий ёрдамга муҳтожлиги, соғлигини тиклаш ва бошқа масалаларда мурожаат қилган ишчи-хизматчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 млрд. 456 млн сўм маблағ ажратилди. Касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорликда 98 нафар ишчи-ходимларни соғлигини тиклаш мақсадида турли сиҳатгоҳларга 
147 млн. 752 минг сўмлик йўлланмалар берилди.

Жамоа шартномасига асосан, ишчи-хизматчиларни иш жойларида шароитларни яҳшилаш мақсадида 2020 йил давомида 6 млрд. 353 млн. сўмдан зиёд маблағ қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига сарфланди. COVID-19 коронавирус инфекциясини корхона ходимлари ўртасида тарқалишини олдини олиш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.

   Биринчи навбатда Республика комиссиясининг топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида масъул раҳбарлар ва шифокорлардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб  тегишли вазифалар белгиланди. Ҳар бир цех, тармоқ, тузилмаларда касаллик хавфи, унинг оқибатлари, олдини олиш юзасидан кенг қамровли тушунтириш тарғибот ишлари ташкил қилинди. Корхонада темир интизом ўрнатилиб, юксак масъулият ҳиссини шакллантиришга жиддий эътибор қаратилди.

   Шу кунгача ишчи-ходимларга беғараз равишда 437 113 дона ҳимоя ниқоби, 7598 литр  антисептик воситалари тарқатилди. Корхонада ишлаб чиқарилган суюқ гипохлорид эритмасидан корхона ҳудуди, иш жойлари, ошхоналар, маиший бинолар, автотранспортлар, ишчи-ходимларнинг ўтиш жойлари доимий равишда дезинфекция қилиш йўлга қўйилди.

    Корхона ҳудудига кириш жойлари тепловизорлар ва бошқа тиббий текширув воситалари билан тўлиқ таъминланди, шифокорлар ва бошқа масъул ходимлар навбатчилиги ташкил қилинди. Коронавирус пандемияси даврида “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида “Маҳалла” ҳайрия жамоат фондлари, қолаверса корхонада фаолият юритаётган ва нафақадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-хизматчиларга умумий ҳисобда 2 млрд. 577 млн. сўмдан зиёд моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари ишчи-ходимларга миллий байрамлар ва муҳим саналар муносабати билан рағбатлантириш  тўловлари ҳам амалга оширилди. Ҳусусан,
8 март -“Ҳалқаро хотин-қизлар байрами” ҳамда 21 март - “Наврўз” умумхалқ байрамига 7 млрд. 981 млн. сўм, “Кимёгарлар” касб байрамига 3 млрд. 641 млн. сўм, “Рамазон ҳайити” муносабати билан 3 млрд. 641 млн. сўм, “Қурбон ҳаъйити” муносабати билан 4 млрд. 930 млн. сўм, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллик байрами муносабати билан 7 млрд. 270 млн. сўм ҳамда Янги йил байрами учун 7 млрд 143 млн сўм жами 27 млрд. 463 млн. сўм маблағ ишчи-хизматчиларга мукофот пули сифатида берилди.             

      2020 йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланган. Шунга асосан, ишчи-хизматчиларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қисман бўлсада қондириш мақсадида корхона майдонидаги 1,4 гектар иссиқхоналарда 66 тоннадан зиёд асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилиб бозор нархларидан 50 фоиз арзонлаштирилган ҳолда тарқатилди. Қолаверса, 6 гектар очиқ ер майдонларидан 114 тоннадан зиёд асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Корхона раҳбари ўтган йилда амалга оширилган муҳим вазифаларга тўхталиш билан бирга келгуси йилдаги режаларга ҳам эътибор қаратди.

       Ҳусусан,   2021 йилда пировард мақсадимиз – корхонани молиявий-иқтисодий соғломлаштириш, хавфсиз ва барқарор фаолиятини таъминлаш, маҳсулот таннархини пасайтириш, амалдаги ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, янги инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда                   ишчи-хизматчиларни самарали фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Мазкур амалий чора-тадбирларга асосан, 2021 йилда қуйидаги ишларни амалга оширишимиз зарур.

      Жумладан, 2021 йил мобайнида ишлаб чиқариш 1 трлн. 449 млрд. сўмга, экспорт ҳажмини 28,8 млн. долларга, маҳаллийлаштиришни 16 млрд. 200 млн.сўмга, инвестицияларни ўзлаштиришни 500 минг долларга, импортни қисқартиришни 1,7 млн. долларга, таннархни 24,9 млрд. сўмга тушириш режалаштирилган бўлиб, режани ортиғи билан бажариш кераклигини таъкидлаб ўтди. “Farg’onaazot” АЖ бошқарув раиси А.Т.Салижанов маърузаси якунида барча ишчи-ходимларни ишлаб чиқаришни тараққий эттиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга, ёшларни ўз устида янада кўпроқ ишлашга, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини янада мустаҳкамлашга даъват этди.

       Конференцияда жамият касаба уюшма қўмитаси раиси
Илҳомжон Абдувоҳидов сўзга чиқди ҳамда 2020 йилда уюшма томонидан амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди. Жамиятимизда ишчи-ходимларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоялашни янада кучайтириш мақсадида 2018-2020 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси бўйича 2020 йил давомида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жамоа шартномасига киритилган ҳар бир мажбурият меҳнаткашларнинг турмуш даражасини оширишга, меҳнат муносабатлари, меҳнат муҳофазаси, ёшлар ҳамда аёлларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, имкониятларини кенгайтириш, амалдаги қонунларда улар учун белгиланган имтиёзлар берилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган.

Корхонамизда мавжуд мураккаб шароитлар ва қийинчиликларга, бутун дунё иқтисодиёти, ижтимоий ҳаётига таъсир қилган Коронавирус пандемиясига қарамасдан маркетингни такомиллаштириш, маҳсулот сифатини яҳшилаш  узликсиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича  бир қатор ижобий ишлар олиб борилмокда.

Касаба уюшма қўмитаси маъмурият билан биргаликда ишчи ва хизматчиларнинг ижтимоий муҳофазасига жиддий эътибор қаратиб,  таcдиқланган жамоа шартномаси асосида тегишли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Албатта пандемия жамоа шартномасини тўлиқ бажарилишига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Режалаштирилган бир қатор тадбирларимиз бажарилмай қолди. Бу айниқса, спорт-соғломлаштириш, туризм, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда сиҳатгоҳларга йўлланмалар масалаларида сезилди. Лекин, шунга қарамасдан ўтган 2020 йил мобайнида Корхона раҳбари ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида тузилган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича Битими бўйича 18 та тадбир учун жами 337 млн. 442 минг сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган эди. Шундан 13 та тадбир бажарилиб,
250 млн. 442 минг сўм маблағ сарфланди.

Умуман олганда корхонада меҳнат мухофазаси тадбирлари учун зарур бўлган ва жамоа шартномалари орқали белгиланадиган маблағларни ажратиш бўйича жами 6 млрд. 482 млн. 34 минг сўм маблағ сарфланди.

«Farg’onaazot» АЖ касаба уюшма қўмитасининг 2020 йил иш режасига мувофиқ “Меҳнат муҳофазаси комиссияси” томонидан иккинчи саноат майдонида фаолият юритаётган цехларида меҳнат шароитларини яратиш, бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш, цехларда меҳнат муҳофазаси соҳасида олиб борилган ишларнинг юриши бўйича фаолияти ўрганилди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни аксарият қисми жойида бартараф қилинишига эришилди.

Корхонада ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жамоа шартномасининг “Ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бандининг бажарилиши юзасидан сезиларли ишлар олиб борилмоқда. Иш берувчи томонидан  ёшларни ишга қабул қилишда, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида қўшимча имтиёзлар бериб келинмоқда.

Жумладан, корхонага ўрта маҳсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини жалб этиш мақсадида 2020 йилда 34 нафар битирувчи корхонага ишга қабул қилинган.

 Касаба уюшма қўмитаси томонидан биринчи бор турмуш қураётган
162 нафар ёшлар учун моддий кўмак бериш мақсадида 162 млн. сўм маблағ сарфланди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшларнинг
74 нафар   талабаларга ўқув шартнома пуллари қисман тўловини амалга ошириб келинмоқда.

Ёш ходимларга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар бериш учун 64 нафар ходимга 230464,9 минг сўм маблағ сарфланди.

2020 йилнинг февраль ойида 50 нафар ёш ишчи-ходимлар Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” қишлоғига сайёҳат уюштирдилар. Ўтган йилнинг ёз мавсумида коронавирус пандемияси туфайли, “Кимёгар” БСО тўлақонли фаолият олиб бормади. Лекин шундай бўлсада, жами 474 нафар болаларнинг сифатли соғломлаштирилиши ва дам олишларини ташкил этиш бўйича пандемия шароитида қониқарли якунланди,-дейди касаба уюшма қўмитаси раиси И.Абдувоҳидов.

-Бундан ташқари ишчи-ходимларнинг биринчи синф фарзандлари учун мактаб ўқув қуроллари ва мактаб формалари сотиб олиш учун 88 млн. 845 минг сўмлик моддий кўмак берилди. Ҳар йилги каби 2020 йилда ҳам ишчилар ва уларнинг оила аъзоларининг соғлиғини яҳшилаш ва санаторийлар дам олишларига алоҳида эътибор қаратилди.

2020 йилда уларнинг саломатликларини тиклаш мақсадида берилган мурожаатларга кўра, касаба уюшма аъзолик бадали, ижтимоий суғурта маблағлари ҳамда хўжалик органи маблағлари (ИХФ 0,5%) ҳисобидан              113 нафар ишчи-ходимлар учун жами 185 млн  980 минг сўмлик санаторийларга йўлланмалар ажратилди. Жамоа шартномасига мувофиқ касаба уюшма қўмитаси ёрдами билан 71 нафар пенсионерлар корхона даволаш соғломлаштириш диагностика цехида даволандилар.

Қолаверса касаба уюшма қўмитаси томонидан 151 нафар якка ёлғиз ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож пенсионерларга ҳамда 10 нафар иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда Чернобыль АЭСида содир бўлган талофатларни бартараф этишга сафарбар этилганларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Ушбу мақсад йўлида касаба уюшмаси ҳисобидан 38 млн. 700 минг сўм маблағ сарфланди. Шунингдек,  жорий йил декабрь ойининг 3 санасида “Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан корхонада меҳнат қилиб, ногирон фарзанд тарбия қилаётган 22 нафар оила вакилларига зарур хўжалик моллари сотиб олиб берилди.

 

Касаба уюшма қўмитасига келиб тушган мурожаатларга кўра, моддий ёрдамлар мунтазам равишда кўрсатилиб келинмоқда. Жумладан, ўтган йилда бу кўрсаткич анча юқори рақамларни қайд этди. Яқин қариндошлари вафот этганлиги, соғлигини тиклаш, тишларни протезлаш ва даволаш, ишламайдиган пенсионерлар учун, биринчи бор турмуш қураётган ёшлар, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ажратиш каби ишларга касаба уюшма қўмитаси томонидан 974 млн. 674 минг сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Касаба уюшма қўмитаси раиси ўз маърузасида ишчи-ходимларга яратилаётган шароитлар билан бирга меҳнат қонунчилиги амал қилинмаётганлига ҳам тўҳталиб ўтди. Афсуски, орамизда меҳнат интизомини бузадиганлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, 2020 йил мобайнида
Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга касаба уюшма қўмитасининг розилигини сўраш учун 16 та тақдимнома киритилган. Шундан 8 нафар ходимлар билан касаба уюшмаси розилиги билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Яна қолган 8 нафарига эса ўзининг сабабларига кўра касаба уюшмаси розилиги берилмади ва улар ҳозирда меҳнат фаолиятини давом эттиришмоқда.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномаларни таҳлил қилганда, баъзи бирлар касаба уюшмаси ҳимоя қилмайди деб эътироф этишлари мумкин, лекин юқоридаги рақамлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Касаба уюшмаси ўз аъзоларини меҳнат қонунчилиги доирасида ҳимоя қилади. Аммо меҳнат интизоми, ички-тартиб қоидаларни бузувчилар ҳам орамиз учраб туради. Таъкидлаш ўринлики, жамоа шартномаси иккала томоннинг манфаатларига хизмат қилади ва томонларнинг ҳар бири ўз мажбуриятларини бажаришини талаб қилади. И.Абдувоҳидов ўз сўзи якунида жамоа шартномаси вазифа ва тадбирларини ўз вақтида бажаришда фаол иштирок этаётган масъулларга ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

         Конференция якунида Аммиак-3 цехи НЎА ва А чилангари Анатолий Чулаков,  Мочевина ишлаб чиқариш цехи муҳандис-технологи Зарина Саматова ҳамда Хлорат магний дефолианти ишлаб чиқариш цехи электр қурилмалари таъмирлаш катта устаси  Ҳуршид Искандаровлар сўзга чиқиб  ўз цехларида жамоа шартномасининг бажарилиши ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

         Сўнгра, 2020 йилда жамоа шартномаси бажарилганлиги тўғрисидаги далолатнома бир овоздан тасдиқланди ва 2021-2023 йилларга мўлжалланган жамоа шартнома лойиҳаси муҳокама қилинди. Киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда “Farg’onaazot” АЖ жамоаси конференцияда қарор қабул қилди.

         Конференция якунида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутаҳассиси Нилуфар Музаппарова сўзга чиқиб, жамоа шартномаси экспертизаси, меҳнаткашларнинг ижтимоий масалалари тўғрисида гапириб ўтди.

 

 

“Farg’onaazot” АЖ матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech